Белгия ва Чехияда ковид чекловларига қарши намойишлар бўлиб ўтди

Белгия ва Чехиянинг минглаб аҳолиси карантин чекловлари ва аҳолини мажбурий эмлашнинг жорий этилишига қарши чиқиш учун митингларга тўпланишди.

Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.

AFP хабарига кўра, 9-январ, якшанба куни Брюсселда бир неча минг киши мажбурий эмлашга қарши чақирувчи плакатларни ушлаб, Европа кварталига юриш қилган. Аввалги намойишлардан фарқли ўлароқ, намойиш асосан тинч ўтди.

Полиция маълумотларига кўра, унда 5 мингга яқин одам қатнашган. Улардан 40 га яқини ҳибсга олинган. Намойишчилар асосан ресторанлар, барлар ва маданий тадбирларга кириши шарт бўлган эмлаш паспортларига қарши чиқишди.

Прагада 4 мингга яқин намойишчи якшанба куни мажбурий эмлашга қарши намойишга чиқди. Шанба куни иккинчи йирик шаҳар Брнода 2 мингга яқин одам митингга йиғилди.

Олдинги ҳукумат, Андрей Бабис бошчилигида, 60 ёшдан ошган барча Чехия фуқаролари учун мажбурий COVID-19 эмлашни жорий этишга қарор қилди. У март ойида кучга кириши керак. Питер Фиала бошчилигидаги янги вазирлар маҳкамаси ҳали мажбурий эмлаш бўйича якуний қарор қабул қилгани йуқ.