Европа Иттифоқи камбағал мамлакатларга 380 миллион дозада COVID вакциналарини берди

Европа Иттифоқи ўтган йили халқаро COVAX механизми орқали кам таъминланган мамлакатларга 380 миллион доза COVID-19 вакцинасини тақдим этди.

Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Лейен 6-январ, пайшанба куни Твиттерда маълум қилди.

«Биз 2021-йилда вакциналарни тақсимлаш бўйича белгиланган режаларимиздан ошиб кетдик. Биз паст ва ўрта ривожланган мамлакатларга, асосан, COVAX орқали 380 миллион доза вакцина етказиб бердик. Ва биз кўпроқ ишлаймиз – 2022-йил ўрталарига келиб, биз 700 миллион доза вакцинани тарқатишга ваъда бердик”, – деди Еврокомиссия раҳбари.

Вон дер Лейен Европа Иттифоқининг эмлаш даражаси дунёнинг бошқа қисмларига қараганда паст бўлган Африка мамлакатларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари фаоллашганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2021-йил декабр ойи охири ҳолатига кўра, Европа Иттифоқида катта ёшли аҳолининг 78% коронавирусга қарши эмланган. Бу натижага пандемиянинг бир йилида эришилди.