Полша томони Украинага COVID-19 коронавирусига қарши бир миллион вакцина ва қизамиқ, паротит ва қизилчага қарши 100 минг доза вакцина беради. Бу ҳақда 19-сентябр, душанба куни Полша соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланганидек, Киевга дори воситалари билан ёрдам кўрсатиш Полша соғлиқни сақлаш вазири Адам Недзельский ва Украинанинг республикадаги элчиси Василий Зварич ўртасидаги музокаралар натижаси бўлди.
Агентлик маълумотларига кўра, суҳбатдошлар Украинадан келган беморларни парвариш қилиш, жумладан, ярадорларни ташиш борасида ҳам келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада коронавирус билан касалланганлар сони жадал ўсиб бораётгани маълум қилинганди – ўтган ҳафтада 37 мингга яқин янги инфекция ҳолати қайд этилган, бу бир ҳафта олдингига нисбатан 50 фоизга кўпдир.