Ўзбекистон коронавирусга қарши бир қатор чекловларни бекор қилди

15-март куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус республика комиссияси янги қарорини эълон қилди.

Қарор хорижий давлатлар билан сайёҳлик оқимини имкон қадар тезроқ тиклаш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, 16-мартдан коронавирус инфекцияси учун эмлаш сертификати билан ПЦР текшируви ўтказилмаган барча шахслар киришига рухсат этилади.

Паспорт/эмлаш сертификатлари бўлмаган тақдирда, кирувчи шахс 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда салбий ПЦР тести (электрон QR-код билан) натижаларига эга бoлиши ёки  Ўзбекистон республикаси ҳудудига келганида экспресс-тестдан ўтиши керак.

Қозоғистон фуқаролари ва Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикаси билан чегарасидаги барча ер усти ўтказиш пунктлари орқали эркин ўтишига қўйилган барча чекловлар олиб ташланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикаси билан чегарасидаги ер усти ўтказиш пунктлари орқали барча шахсларнинг ҳаракатланишига қўйилган вақтинчалик чекловлар бекор қилинмоқда. Барча чегара пунктларини қайта очиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, хорижий фуқаролар учун электрон визалар (е-visa) бериш тизими фаолияти тикланди.

Ҳужжатда айтилишича, Ташқи ишлар вазирлигининг ишончли алоқа канали – хорижлик сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича call-маркази фаолияти таъминланади.