Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланганлар сони 9 баробарга ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайганини маълум қилди.

14-январ куни 876 нафар коронавирусга чалинган бемор аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўн кун давомида ҳар куни аниқланган беморлар сони 9 баробардан ортиқ кўпайган.

Ковид билан касалланганлар сонининг ўсиши 4 январда бошланган, ўшанда 94 та ҳолат аниқланган. Ўшандан бери ҳар куни аниқланган беморлар сони ўртача 100 кишига ошди.

Вирус тарқалишининг асосий эпицентри Тошкент шаҳри ҳисобланади. Бир кун аввал бу ерда 451 та янги ҳолат қайд этилган. Иккинчи ўринда 135 нафар бемор аниқланган Тошкент вилояти жойлашган. Бошқа ҳудудларда вазият озми-кўпми барқарор.

Кун давомида икки киши ковиддан вафот этди, жами қурбонлар сони 1513 нафарга етди.