2022 йилда пойтахтда иккиламчи бозорда уй-жой нархи ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари 2022-йилнинг биринчи ярмидаги кўчмас мулк бозоридаги вазиятни таҳлил қилди.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 126 мингта шартномани ташкил этгани, бу 2021-йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга кўп эканлиги аниқланди ( 119 минг).

Ҳудудлар бўйича 6 ой давомида энг юқори ўсиш суръатлари Хоразм (24 фоиз), Бухоро (22 фоиз), Сурхондарё (16 фоиз), Жиззах (13 фоиз), Наманган (13 фоиз), Қашқадарё (12 фоиз) ва Фарғона (11%) вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, кўчмас мулк бозорида тузилган битимлар сонининг нисбатан паст ўсиш суръатлари Тошкент вилоятида (-7%), Сирдарё вилоятида (-1%) эса фаолликнинг бироз пасайиши кузатилди.

Пойтахтда 2022-йилнинг биринчи ярмида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони бироз кўпайди (+1%) ва 37 446 тани ташкил этди.

Ҳисоб-китобларга кўра, иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи 2022-йилнинг биринчи ярмида 7,1 фоизга ошган (биринчи чоракда ўсиш мос равишда 1 фоиз ва иккинчи чоракда 6 фоизни ташкил этган).

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг биринчи ярмида турар-жой кўчмас мулки нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент (15,6 фоиз), Навоий (15 фоиз), Сурхондарё (13,3 фоиз) ва Сирдарё (11,5 фоиз) вилоятларида кузатилди, Наманган (-13,3%), Самарқанд (-1,3%) вилоятларида эса нархларнинг пасайиши қайд этилди.

Йил бошидан буён Тошкент шаҳрининг иккиламчи бозорида уй-жой нархи 11,3 фоизга (биринчи чоракда 6,5 фоизга, иккинчи чоракда 4,3 фоизга) ўсди. Шу билан бирга, уй-жой нархининг ошиши барча туманларда қайд этилди, энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (18,7 фоиз), Яккасарой (16 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларида кузатилди.