2023 йилда ҚҚС ставкаси 12 фоизга туширилади – Молия вазирлиги

Молия вазири Тимур Ишметов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида сўзга чиқиб, 2023-йилда солиқ сиёсатидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида гапирди.

Унга кўра, 2023-йилда даромад солиғининг базавий ставкаси 15%, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12%, юридик шахсларнинг мол-мулки солиғи ставкаси эса 1,5% ни ташкил этади.

Бундан ташқари, Тимур Ишматов 2023 йилда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 15% дан 12% га туширилишини айтди.

«Бу бизнинг солиқ сиёсатимиздаги энг муҳим ўзгаришдир», деди у.

Прогнозларга кўра, ставкаларни пасайтириш натижасида тадбиркорларда 13 триллион сўм қолади. Шу билан бирга, мутасаддилар 2023-йилда бу солиқдан бюджетга тушумлар жорий йилга нисбатан 16 триллион сўмга кўп бўлишини кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 22 август куни Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида Ўзбекистонда 2023-йил 1-январдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15% дан 12% га туширилишини маълум қилган эди.

Шунингдек, давлат раҳбари кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан бири қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтариш билан боғлиқлигини таъкидлади.