6 миллиард долларлик шартномалар Ўзбекистон иқтисодий форумида имзоланади

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Халқаро иқтисодий форум доирасида 6,6 миллиард долларлик шартномалар ва кредитлар имзоланиши кутилмоқда.

29 сентябр, чоршанба куни Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки кўмагида ўтказиладиган Ўзбекистон иқтисодий форуми бошланди. Форумда Ўзбекистон ҳукумати, халқаро бизнес ва молия ҳамжамияти, шунингдек, халқаро ва минтақавий ривожланиш институтларининг 300 га яқин вакиллари иштирок этмоқда.

“Бу форумда биз нафақат фикр алмашамиз, балки бир қатор йирик битимларни имзолаймиз. Хусусан, хусусийлаштириш соҳасида 600 миллион долларлик, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича — 2,6 миллиард долларлик шартномалар тузилади, 3,4 миллиард долларлик хорижий кредитлар имзоланади”, — деди Қўчқоров.

29-30 сентябр кунлари Тошкентда «Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотларнинг ютуқлари ва уларнинг истиқболлари» мавзусида иқтисодий форум бўлиб ўтади.

Форумнинг биринчи куни мамлакат иқтисодий ўсишининг янги режалари ва у билан боғлиқ муаммоларга бағишланади. Унинг доирасида минтақавий ҳамкорлик ва инсон капиталини ривожлантиришга бағишланган мунозара, иқтисодий очиқликнинг рақобатбардошликни таъминлашдаги ролига бағишланган мулоқот бўлади.

Иккинчи куни асосий эътибор хусусийлаштириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг глобал таъминот занжирларидаги ўрни ва барқарор энергияга қаратилади.