АГМК 10 ойда қарийб 830 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди

Олмалиқ кон-металлургия комбинати ахборот хизматининг хабар беришича, 2022-йилнинг ўн ойида 829,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилингани маълум.

Прогноз 119,2 фоизга бажарилди.

Қайд этилишича, хорижлик истеъмолчиларга 65 561 тонна мис маҳсулоти жўнатилган (+8,7). Жумладан, катодли мис экспорти 58951 тонна (+16,3%), мис новда – 2831 тонна (+45%), мис қувурлар – 3779 тонна (+84,3%), мис сулфат – 7912 тонна (+130,8%) ташкил этди.

Рух маҳсулотларини экспорт қилишда юқори кўрсаткичлар сақланиб қолмоқда. Демак, жорий йилнинг 10 ойи давомида ушбу маҳсулотларнинг 51 минг 319 тоннаси (+26,1 фоиз) экспорт қилинди.

Шунингдек, хорижга 50 924 тонна металл рух (+25,1%) етказиб берилди.

Кадмий экспортида ҳам яхши натижага эришилди. Хорижий ҳамкорларга ушбу маҳсулотларнинг 400 тоннаси (+11%) етказиб берилди.

648 тонна (+29,7%) молибден маҳсулотлари экспорт қилинди.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида 22 036 тонна қўрғошин концентрати (+10,2 фоиз) сотилди.

Палладий кукунини экспорт қилиш прогнози 297,9 фоизга бажарилди. Рений экспортининг ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан +19,8% ни ташкил этди.

АГМК маҳсулотини асосан Туркия, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбайжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилади.

Суринам, Кения, Австралия, Литва, Грузия, Португалия, Канада, Австрия, Испания, Финляндия, Марокаш ва Сингапур каби янги бозорларга маҳсулот экспорти ҳам йўлга қўйилди, дейилади матбуот хизмати хабарида.