Ангрен шакар заводи директори нархларнинг ошишига изоҳ берди

Охирги пайтларда Ўзбекистонда шакар танқислиги кузатилиб, маҳсулот нархи кескин ошган.

Куни кеча «Ангрен Шакар» МЧЖ директори Рустам Акбархўжаев нархларнинг ошишига изоҳ берди.

«Нархларнинг ошиши завод фаолияти билан боғлиқ эмас. Нархларга транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар таъсир кўрсатди. Бу масалалар аллақачон ҳал қилинган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда завод кунига 1100 тонна шакар ишлаб чиқармоқда. Бир ой ичида завод ўртача 30 минг тонна шакар ишлаб чиқаради.

Рустам Акбархўжаев ҳамма учун етарли хажмда бўлишини таъкидлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда шакар биржа нархи 26,1 фоизга арзонлашгани хабар қилинганди.

Яқинда Монополияга қарши қўмита нима учун Ўзбекистонда шакар нархи ошиб бораётганини айтди.

Кейинроқ Монополияга қарши қўмита бўлим бошлиғи Улуғбек Давлатов нега мамлакатимиздаги кўплаб дўконларда бир килограмм шакар 20 минг сўмдан сотилаётганини тушунтирди.

15 июн куни шакарнинг биржа нархи яна пасайди.