Бухорода 270 МВт қувватга эга иссиқлик электр станцияси ишга туширилди

Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан давлат-хусусий шериклик доирасида барпо этилган газ-поршенли иссиқлик электр станцияси ишга тушди.

2021-йил 31-декабрда қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли ИЭС-нинг биринчи энерго блоки ишга туширилди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати. Бир неча кундан кейин станция Ўзбекистон ягона энергетика тизимига уланади.

Бухоро вилоятида биринчи бўлган ИЭС йилига 2,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Энергия тежамкор ускуналар йилига 260 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Бу қўшимча 900 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш, жами 450 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

ИЭС қурилишида 500 киши иш билан таъминланган бўлса, унинг ишга туширилиши вилоятда 100 га яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради.