Дон нархи икки баравар ошса, нон нархи ошадими?

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жаҳон бозори ва минтақавий биржалардаги нархларни таҳлил қилди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши жаҳон бозори ва минтақавий биржалардаги нархларни таҳлил қилиб, бир тонна ғалланинг кутилаётган энг кам нархини уч миллион сўм миқдорида эълон қилди.

Бу нарх бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда тузатилади ва ҳар чоракда эълон қилинади, дейилади хабарда.

Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 6-мартдаги «Ғалла етиштириш, сотиб олиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан берилди.

Аввал хабар қилинганидек, давлатимиз раҳбари яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида 1 тонна буғдойнинг ўтган йилги 1 миллион 550 минг сўмдан минимал харид нархи бу йилги ҳосил учун 3 миллион сўмга оширилганини таъкидлаган эди.

1 июндан бошлаб давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олишни бошлайди, фермер ва кластерлар донни биржа орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлади.

Айни пайтда «Ўздонмаҳсулот» аксиядорлик жамияти ва унинг таркибидаги 43 та корхона ғалланинг 1 килограммини 1550 сўмдан, уннинг 1 килограммини 2 минг 485 сўмдан сотмоқда. Энди улар ун ишлаб чиқариш учун буғдойни биржа орқали бозор нархларида сотиб олади.

«Ўздонмаҳсулот» аксиядорлик компанияси ва корхоналарга ғалла сотиб олиш учун айланма маблағлар учун 800 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади.

Президент ғаллачиликда бозор механизмларини жорий этиш натижасида ун ишлаб чиқаришни қисқартириш ва нархларни асоссиз равишда оширишга йўл қўймаслик, акс ҳолда бу «саботаж» сифатида баҳоланиши юзасидан вилоят ҳокимлари ва прокурорларига топшириқ берди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2022-йилда аҳолини буғдой ва ун маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида мамлакатимизда 1 миллион 27 минг гектар майдонга буғдой экилган.

Натижада июн-июл ойларида 7 милион 679 минг тонна ҳосил йиғиб олиш режалаштирилган, бу 2021-йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўпдир.