Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда экологик лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ниятида.
Тегишли келишув Ўзбекистон Экология қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ядро хавфсизлиги департаменти директори Балтазар Линдауер ўртасида имзоланди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистоннинг Чоркесар ва Янгиобод махсус полигонларини қайтариб олиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида грант лойиҳаси амалга оширилади.
7 миллион евро миқдоридаги грант шартномасини имзолаш маросими 2022-йил 1-сентабр куни ЕТТБнинг Лондондаги штаб-квартирасида бўлиб ўтди.
2021-йилда Экология давлат қўмитаси ва ЕТТБ ўртасида маслаҳат ёрдами кўрсатиш бўйича 2 миллион евро миқдоридаги биринчи келишув имзоланган еди. 9 миллион евро миқдоридаги грант лойиҳаси банк томонидан Марказий Осиё атроф-муҳитни қайта тиклаш ҳисоби махсус жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Грант лойиҳаси доирасида 2022-2025 йиллар давомида атроф-муҳитни тиклаш ва махсус участкаларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари амалга оширилади.
Мелиорация ишлари 2023-йилнинг биринчи чорагида бошланиши ва тахминан икки йил ичида якунланиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасидаги қурилиш ва реставрация ишлари маҳаллий ва немис мутахассислари иштирокида амалга оширилади.
Учрашув якунлари бўйича томонларнинг лойиҳани амалга ошириш бўйича мажбуриятлари келишиб олинди.