Фарғона водийсида янги “Кнауф” заводи иш бошлади

20 июл куни ишга туширилган янги Кнауф заводи Фарғона водийсининг иқтисодий салоҳиятини юксалтириши кутилмоқда.

20 июл куни гипс асосидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик “Кнауф” компанияси Ўзбекистонда учинчи заводини ишга туширди.

Янги корхонада немис технологияси ва юқори экологик стандартлар асосида юқори сифатли гипсокартон ва қуруқ гипс аралашмалари ишлаб чиқарилади.

Корхонанинг лойиҳа қуввати йилига 17 миллион м2 гипсокартон ва 40 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Завод 2,5 йил ичида ноёб модулли технология ёрдамида қурилган. Бу бозор эҳтиёжларига мос равишда ишлаб чиқаришни кенгайтиришни осонлаштиради. Заводда аллақачон 55 киши иш билан таъминланган. Сармоя 18,7 миллион еврони ташкил этди.