Фарғонада электромобил ишлаб чиқариш заводи очилади

Фарғона шаҳрида кичик саноат зонасидаги механика заводи ҳудудида «Марказий Осиё Моторс» корхонаси янги лойиҳани ишга туширмоқда.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Базаров электромобиллар, енгил ва юк автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни босқичма-босқич йўлга қўйиш жараёни билан танишди. Лойиҳа қиймати 50 миллион доллар бўлиб, шундан 5 миллиони тадбиркор маблағлари ва банк кредити, 40 миллиони тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Фарғона вилоятида электромобиллар ишлаб чиқарилади

Йилига 10 минг дона электромобил ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, уларнинг 40 фоизи экспорт қилиниши режалаштирилган. 350 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Электромобиллар учун кузовлар, аккумуляторлар учун эҳтиёт қисмлар, зарядлаш станциялари ишлаб чиқариш ҳам маҳаллийлаштирилади.

Корхона бош директори Баҳодир Аҳмедов электромобилларни йиғиш ва синовдан ўтказиш цехлари, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида маълумот берди. Унинг маълум қилишича, жорий йил охиригача электромобиллар ишлаб чиқариш жараёни бошланади.

Тадбиркорнинг экошаҳар ҳудудида Аквапарк ва болалар майдончаси қуриш лойиҳасини амалга ошириш таклифини вилоят ҳокими қўллаб-қувватлади.