Хитой Ўзбекистонда қуёш электр станциялари қурилишига 6 миллиард доллар сармоя киритмоқда

Хитойнинг China Huaneng Group компанияси қуёш фотоэлектр станциялари қурилишига 6 миллиард доллар сармоя киритмоқчи.

Тошкентда China Huaneng Group вакиллари ва Ўзбекистон Иқтисодий ассамблеяси ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Хитой мамлакатимизда яшил энергетика объектларини қуриш бўйича қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш ниятида экани, сармоя киритишга тайёрлиги маълум қилинди. Бу лойиҳаларда 6 млрд инвестиция қилинади. Шундан келиб чиқиб, China Huaneng Group ва Ўзбекистон Иқтисодий ассамблеяси ўртасида меморандум имзоланди.

“Биз Ўзбекистонни жадал ривожланаётган давлат деб биламиз. Бизнинг мақсадимиз инновацион ёндашувлардан фойдаланган ҳолда қуёш электр станцияларини қуришдир. 2030 йилга бориб янги станциялар 30 гигаватт электр энергияси ишлаб чиқаради. Натижада, нафақат мамлакатнинг ички электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қондирилади, балки уни экспорт қилиш имкониятини ҳам беради «, деди China Huaneng Group вакили Ли Тян.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, янги фотоэлектр станциялари Буюк Британияда жорий қилинган схема бўйича ишлайди, бу ерда электр қуввати фотоэлектр станциялари ёнида оʻрнатилган юқори волтли аккумуляторлар ёрдамида тармоққа етказилади.

China Huaneng Group Хитойнинг бешта йирик давлат корхоналаридан биридир.