Иқтисодиёт вазирлигида ОТБ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Синди Мальвичини бошчилигидаги мутахассислари билан учрашди.

Учрашув давомида Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш дастури бўйича кредит ва техник ёрдам учун грант ажратишни назарда тутадиган масалалар кўтарилди.

Учрашувда, шунингдек, лойиҳа менежери ва ОТБ молиявий сектори бўйича катта мутахассиси Приянка Суд, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармаси директори Аббосхон Махаматов ва бошқалар иштирок этишди.

Осиё тараққиёт банки ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳукуматига иқтисодиётни диверсификатсия қилиш ва қўшимча қийматли иш ўринлари яратишга ёрдам бериш учун кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) экотизимини яхшилашга қаратилган ислоҳотларни белгилаш ва амалга оширишда ўз ёрдамини бериб келмоқда. Ушбу ислоҳотлар 2021 йилда тасдиқланиши режалаштирилган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш Дастури доирасида тайёрланмоқда.

Учрашув давомида ОТБ вакиллари дастурни тайёрлаш ва зарур чораларни амалга ошириш учун кредит ажратиш тўғрисида малумот беришди. Ушбу ташаббус ҳукуматнинг хусусий секторни кенгайтириш бўйича сай-ҳаракатларини ва иқтисодий ривожланишнинг умумий стратегиясини қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги такидланди.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш, уларни иқтисодий диверсификация қилишнинг асосий устунига айлантириш юқори қўшимча қийматга эга иш ўринлари яратилишига, иқтисодиётнинг норасмий сектори ва минтақалардаги мувозанатларнинг пасайишига олиб келади.

Иштирокчилар дастурни амалга ошириш усуллари ва истиқболларини кўриб чиқдилар. Учрашув якунлари бўйича томонлар яқин кунларда кейинги муҳокамалар учун видеоконференциялар ўтказишга келишиб олдилар.