Инвестициялар вазири ва Саудия компанияси раиси қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди

Ташқи савдо инвестициялар бўйича бош вазир ўринбосарининг Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси раиси билан учрашувида шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестисия лойиҳаларини ишлаб чиқиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян билан учрашувида сўз юритилди.

Жорий қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати.

Хусусан, томонлар Сирдарё иссиқлик электр станцияси негизида қуввати 1500 МВт бўлган комбинатли иссиқлик электр стансиясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш жараёнини ўрганди.

Шунингдек, Бухоро вилоятида ҳар бири 500 МВт қувватга эга иккита шамол электр станциясини қуришга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар кўриш ва барча лойиҳаларни қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш бўйича келишувга эришилди.

Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1,5 ГВт гача бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳалар Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш дастурининг бир қисмидир. У 2030 йилга бориб шамол станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини 3 ГВтгача оширишни мақсад қилган.

Ушбу лойиҳалар, шунингдек, углерод чиқиндиларини йилига 1,6 миллион тоннага қисқартириши ва шу орқали 2031 йилга қадар мамлакат энергия қувватининг 40% ни қайта тикланадиган энергия манбаларига айлантириш мақсадига ҳисса қўшиши кутилмоқда.