Иордания Ўзбекистондан мева-сабзавот олиб киришга қўйилган карантин чекловларини бекор қилди

Иордания Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қўйилган чекловлар бекор қилинганини маълум қилди.

«Dunyo» нашри хабарига кўра, импортга рухсатнома Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан олиб борилган музокаралар натижасида олинган.

Ўзбекистонлик ишбилармонлар Иордания бозорида гилос, лимон, олма, пиёз ва саримсоқ сотишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, улар санитария меъёрларига риоя қилишлари ва маҳсулотларда пестицидлар ва зарарли моддаларнинг йўқлигини кафолатлашлари шарт.

Мисол учун, Иорданияда гилос сотиш учун фитосанитария сертификатига қўшимча элементлар киритилиши керак бўлади. Бу маҳсулот партияси Pseudomonas syringae pv.syringae ва Quadraspidiootus, зараркунандаларидан тозаланганлигини тасдиқлаши керак, шунингдек, резаворлар 20 кун давомида -0,5 дан +0,5 даражагача бўлган ҳароратда сақланиши кераклигини кўрсатади.