Йил давомида деҳқонлар 1,8 миллион тонна узум олиш ниятида

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг прогнозларига кўра, жорий йилда кутилаётган узум ҳосили 1,8 миллион тоннани ташкил этади. Бу ўтган йилга нисбатан 122 минг тоннага кўпдир.

Ҳозир Ўзбекистонда 181 минг гектар узумзорлар мавжуд, деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги. Йил охиригача бу кўрсаткични 50 минг гектарга ошириш, бунинг учун 61,2 миллион дона узум кўчати экиш режалаштирилган.

Узум етиштириш бўйича Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент воҳаси ва Фарғона водийсида токни таянчларга ўрнатиш усули кенг тарқалган бўлиб, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эса панжарасиз ерларда узум етиштирилади.