Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолишга қарор қилди

Марказий банк Бошқарувининг пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилинди.

Регуляторнинг фикрича, иқтисодиётда ички ва ташқи омилларнинг талаб томонига рағбатлантирувчи таъсири сақланиб қолмоқда. Ўсиб бораётган ташқи инфляция фони, уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши билан бирга, сўнгги ойларда базавий инфляциянинг нисбатан кучли динамикасида ўз аксини топди.

«Асосий ставканинг жорий даражаси иқтисодиётда ўртача қаттиқ монетар шароитларни сақлаб қолиш учун етарли деб баҳоланмоқда. Мавжуд шарт-шароитлар ва фискал сиёсатнинг моҳиятидан келиб чиқиб, келгуси чоракларда ялпи талаб ва таклифни мувозанатлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш мумкин», — дейилади Марказий банк матбуот хизмати хабарида.

Фото: Регулятор асосий ставка даражасини иқтисодиётда ўртача қаттиқ монетар шароитларни сақлаб қолиш учун етарли деб атади.