Марказий банк: Ўзбекистонда йил бошидан буён девалвация даражаси 4,1 фоизни ташкил этди

Ташқи шароитларнинг ўзгаришига жавобан миллий валюта курси март ойидаги тебранишлардан сўнг барқарорлаша бошлади ва бугунги кунда йил бошидан буён девалвация даражаси 4,1 фоизни ташкил этмоқда.

Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу девалвация суръатлари деярли барча қисқа муддатли ўзгаришларни (шокларни) ўзлаштирган.

Хусусан, март ойининг дастлабки 20 кунида трансчегаравий пул ўтказмаларининг кунлик ўртача ҳажми 15 миллион долларга, аҳоли томонидан валюта сотилиши 32 миллион долларга, харид ҳажми эса 42 миллион долларга ошган.

Бундан ташқари, апрел ойининг дастлабки 20 кунида пул ўтказмалари ҳажми кунига ўртача 40 миллион долларга этган, аҳоли томонидан валюта сотуви 55 миллион долларни ташкил этган, ўртача кунлик харид ҳажми эса 22 миллион долларга қисқарган.

Юридик шахсларнинг чет эл валютасига бўлган талаби ҳам мувозанатлашди ва апрел ойининг биринчи 20 кунида март ойининг мос даврига нисбатан 13 фоизга камайди, таклиф эса 21 фоизга ошди.