Мирзиёев Миллий машинасозлик кластерини яратиш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Миллий машинасозлик кластерини яратиш бўйича дастурларни ҳукумат кўриб чиқиши учун тақдим этиш бўйича топшириқ берди.

Бу ҳақда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган бугунги йиғилиш якунлари бўйича маълум бўлди.

«Ҳозир биз машинасозлик саноатини саноат кластери шаклида ривожлантирмоқдамиз. Бунинг учун бизда етарли имконият ва салоҳият мавжуд. Аввало, машинасозлик — бутловчи қисмлар — тайёр маҳсулотлар — савдо ва хизмат кўрсатишнинг илм-фанга асосланган тўлиқ занжирини яратиш зарур, – деди Президент.

Мирзиёев икки ой муддатда Миллий машинасозлик кластерини яратиш дастурини ҳукуматга тақдим этишни топширди. Унинг таркибига саккизта йирик машинасозлик корхонаси (енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилар), шунингдек бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан ортиқ компания киради.

Шунингдек, молия ва логистика соҳасидаги масалаларни ҳал этишни, ички ва ташқи бозорда савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришни таъминлаш, Турин политехника ва Андижон машинасозлик институти салоҳиятидан фойдаланишни таъминлаш зарур.