Осиё инфратузилма инвестиция банки (ОИИБ) 1500 мВт қувватга эга КЦГҚ қурилиши учун 100 миллион доллар кредит ажратди. Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда ҳукумат кафолатисиз амалга оширилди, бу мамлакатдаги биринчи носуверен банк операцияси ҳисобланади.
Айни пайтда ОИИБ сув таъминоти ва канализация, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, йўлларни реконструкция қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш каби турли соҳаларда қиймати 1,14 миллиард долларлик 7 та лойиҳани амалга оширмоқда.
Бу ҳақда банк президенти Цзин Лицюннинг Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Шуҳрат Вафаев билан учрашувида сўз юритилди.
Банк аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш мақсадида узоқ муддатли ва имтиёзли молиялаштирмоқда.
Банк аралаш молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик тамойилларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда умумий қиймати 1,9 миллиард доллар бўлган яна 10 та инфратузилма лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Мақсад — 2050 йилгача мамлакат иқтисодиётини карбонсизлантириш ва энергетика соҳасида углерод нейтраллигига эришиш.
Цзин Лицюн Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга содиқлигини қуйидаги йўллар билан билдирди:
- ACWA Power, Masdar ва Stone City Energy компаниялари билан биргаликда 2050 йилгача Ўзбекистон иқтисодиётини карбонсизлантириш ва энергетика соҳасида углерод нейтраллигига эришиш мақсадида энергия лойиҳаларини молиялаштиришни таъминлаш;
- лойиҳаларни аралаш молиялаштириш механизмларини жорий этиш, ОИИБ кредитларини тўғридан-тўғри инвестициялар ва давлат кафолатисиз кредитлар билан бирлаштириш;
- тиббиёт, таълим, сув таъминоти, транспорт ва энергетика инфратузилмаси соҳасида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга ошириш.
Томонлар Ўзбекистонни ривожлантиришнинг мақсад ва устувор йўналишлари билан боғлиқ ҳолда стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини ўз ичига олган «2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури»ни тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олдилар.