Осиё банки Ўзбекистонда бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 200 миллион доллар ажратади

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон тадбиркорларига ёрдам коʻрсатиш мақсадида Осиё банки инвестициялари жалб этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун Осиё инфратузилма инвестициялари банкининг кредит линиясини жалб этиш ва ундан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Осиё инфратузилма инвестиция банкидан (ОИИБ) умумий қиймати 200 миллион долларлик кредит линиясини жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришди, деб ёзади Норма.

ОИИБ кредит линияси давлат кафолати остидаги бир неча траншларга асосланади, ҳар бир транш 5 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр, 6 ойлик Libor плюс йиллик 0,65% фоиз ставкаси. ОИИБнинг дастлабки ташкилий комиссияси ва кредит линиясининг фойдаланилмаган қисми учун йиллик комиссия 0,25% ни ташкил қилади.

Маблағлар коронавирус пандемиясидан жабр кўрган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларни айланма маблағлар билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, жумладан, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш ва транспорт соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йуналтирилади.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ОИИБ кредит линиясининг қарз олувчиси ва кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига ОИИБ томонидан жалб қилинган маблағларни қайтариш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, фоизлар, дастлабки бир марталик ташкилий комиссия ва мажбурият комиссиясини тўлаш, шунингдек, бошқа харажатларни ўз ҳисобидан тўлаш тавсия этилади.