ОТБ Орол денгизи ҳавзасидаги сув ресурсларини бошқариш учун 150 миллион доллар ажратади

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон Республикасига 25 йил муддатга, шу жумладан беш йиллик имтиёзли даврга 150 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратади.

Ушбу маблағлар «Иқлим ўзгаришига мослашишни ҳисобга олган ҳолда Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади. Президент тегишли қарорни 27-сентабр куни имзолади, деб ёзади Norma.

Лойиҳанинг умумий қиймати 194,9 миллион долларни ташкил этади. Ўзбекистон эквивалентида 40,2 миллион доллар сармоя киритади, шундан 26,6 миллион доллари ҚҚСни қайтариш ва республика бюджети ҳисобидан божхона тўловларидан озод қилиш кўринишида.

Лойиҳага Осиё тараққиёт жамғармаси 3 миллион доллар, Осиё тараққиёт банкининг Юқори технологиялар жамғармаси 0,3 миллион доллар, фермер хўжаликлари 1,38 миллион доллар сармоя киритади.