ОТБ Ўзбекистонда молия бозорини ривожлантиришда иштирок этади

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Молия бозорини ривожлантириш дастури” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2021-йил 7-октабрда Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши Ўзбекистонга Молия бозорини ривожлантириш дастури доирасида тўловни беш йил муддатга кечиктириш билан 25 йил муддатга 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

ОТБ маблағлари Ўзбекистон Республикаси бюджети харажатларини молиялаштиришга йуналтирилади. Молия вазирлиги лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек, ОТБ маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Валюта рискларини қисман ҳимоя қилиш мақсадида халқаро молиявий контрагентлар билан ҳамкорликда ОТБ маблағларининг 20 миллион долларлик қисмидан 3 йил муддатга биринчи синов-своп операциясини ўтказиш кўзда тутилган.

ОТБ маблағларини қайтариш ва фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, биринчи тест своп операцияси бўйича фоизлар тўловлари Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда Халқаро своп ва деривативлар ассоциацияси билан тузилган бош келишув бўйича олинган даромадлар Республика бюджети даромадлари сифатида акс эттирилади.

Марказий банкка лойиҳани амалга ошириш ва Халқаро своплар ва деривативлар ассотсиатсияси билан операцияларни амалга оширишда молиявий агент сифатида иштирок этиш тавсия этилди.

Осиё тараққиёт банки томонидан “Молия бозорини ривожлантириш дастури” доирасида ажратилган қарз ва фоиз тўловларини тўлаш бўйича прогноз жадвали тасдиқланди.