Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича стратегик марказ яратилди

Ўзбекистонда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни такомиллаштириш мақсадида стратегик марказ ташкил этилди.

Президентнинг “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларни тадқиқ этиш, стратегик режалаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимида Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва озиқ-овқат сектори илмий-тадқиқот институти негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожлантириш ва тадқиқотлар халқаро маркази ташкил этилди.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини институционал таҳлил қилиш, ислоҳотларнинг асосий йуналишларини ишлаб чиқиш марказнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ҳужжатга кўра, 2022-2023-йилларда боғ ва узумзорлар барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш бўйича кўргазмали дала ишлари ташкил этилади.

Марказ ўз расмий веб-сайтида давлат ташқи қарзи бўйича амалга оширилаётган ва амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган маблағлар ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда эълон қилиб боради.