Покистон Ўзбекистонга гўшт етказиб бера бошлади

Мамлакатлар ўртасидаги имтиёзли савдо келишувини амалга ошириш доирасида Покистон Ўзбекистонга гўшт экспорт қила бошлади.

18 тонналик гўштнинг биринчи партияси шу ҳафта келади.

Март ойида яна 50 та контейнер гўшт (жами 900 тонна) жўнатилиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда “Nigoh”.

Покистоннинг Shaheen компанияси раҳбари Малик Шер Хон имтиёзли савдо шартномалари тузилганидан сўнг Покистон ўз эътиборини Ўзбекистон бозорига қаратганини айтди.

4-март куни икки давлат имтиёзли савдо шартномасини имзолади. Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон Трансафғон темир йўлини янада ривожлантириш бўйича келишиб, товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача ошириш салоҳияти мавжудлигини таъкидлади.

“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда бир неча йилдан буён транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий алоқаларни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган ва Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб борадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлакни яратади. Бу темир йўл ҳудудларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартиради.

2021-йил ноябр ойида Ўзбекистондан биринчи транзит юк Покистонга етиб келди. Покистон томони буни “янги ҳамкорлик даврининг бошланиши” деб атади. Кўп ўтмай Покистон Ўзбекистондан келган “юк ташувчилар” учун божхона тартиб-таомилларини соддалаштирди – юк машиналари мамлакатга кириш тўловисиз кириши мумкин.