Саудия Арабистони компанияси Қорақалпоғистонда шамол электр станциясини қуради

Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича тендерда Саудия Арабистони компанияси ғолиб чиқди.

17 декабр куни ACWA Power (Саудия Арабистони) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуриладиган 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси (ШЭС) лойиҳаси бўйича шартномалар имзоланди. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, лойиҳа қиймати 108 миллион долларни ташкил қилган.

Кораузак шамол электр станцияси лойиҳаси Ўзбекистондаги биринчи шамол энергетикаси лойиҳаси бўлиб, унинг инвестори очиқ тендер натижаларига кўра танланган. ACWA Power 2,5695 АҚШ цент/кВт/соат электр энергияси тарифини таклиф қилиб, тендерда ғолиб чиқди.

Лойиҳани амалга ошириш учун махсус ташкил этилган “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” МЧЖ компанияси “Ўзбекистон Миллий электр тармоғи” аксиядорлик жамияти билан 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш шартномасини имзолади. Шунингдек, “ACWA Wind Karatau” ХК МЧЖ ва ACWA Power компаниялари Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимни (GSA) имзоладилар.

Имзолаш маросимида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари иштирок этди.

Кораузакдаги шамол электр станцияси Ўзбекистондаги тўртинчи ACWA Power лойиҳасидир. Компания, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Сирдарё вилоятида иккита комбинацион газ турбинасига эга иссиқлик электр станциясини қуриш” лойиҳасини амалга оширишда ҳамкор ҳисобланади.

“Кораузоқдаги шамол электр станцияси учун электр энергиясини сотиб олиш шартномасининг имзоланиши мамлакатимиз ва компаниямиз учун яна бир муҳим ютуқдир, чунки у Ўзбекистон ҳукумати билан ўсиб бораётган муносабатларимизни мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг энергетиканинг либерал бозорга ўтиш жараёнини жадаллаштириш бўйича мажбуриятимизни мустаҳкамлайди” — деди ACWA Power ижрочи вице-президенти Том Тирлинк.

Қорақалпоғистон Республикасидаги ушбу ГЭС лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланган ҳолда қувватини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. 2026 йилга келиб қуёш ва шамол энергиясининг умумий қуввати 8 ГВтни ташкил этиши режалаштирилган.