Саудия Арабистони Ўзбекистонга 52 миллион доллар сармоя киритади

Саудия Арабистони Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этишни молиялаштиради

Саудия Арабистонининг «Jamjoom Pharma» фармацевтика компанияси Ўзбекистонга 52 миллион доллар сармоя киритади. Бу ҳақда компания вице-президенти Махмуд Жамжум Arab News нашрига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, компания республикадан Марказий Осиё минтақаси бозорларига чиқиш учун «шлюз» сифатида фойдаланишни режалаштирган.

Саудия фармацевтика компанияси назорат қилувчи органлардан рухсат олганидан кейин Ўзбекистон бозорида ишлай бошлайди. Махмуд Жамжум Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилаётганини таъкидлади.

Jamjoom Pharma 2021-йилда Ўзбекистон бозорига кириш стратегиясини ишлаб чиқишни бошлаган. Шундан сўнг компания вакили корхонанинг ишлаб чиқариш линияларини республикамиздаги эркин иқтисодий зоналарда ташкил этиш, келгусида мутахассислар тайёрлаш учун Jamjoom Pharma академияси филиалини очиш мумкинлигини таъкидлади.

Апрел ойида эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 1,6 миллиард долларлик 1500 дан ортиқ турдаги фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Бу ҳажмнинг асосий қисми – қарийб 1,2 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилинади. Маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида 1 июлга қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 3 йил муддатга 120 номдаги машҳур дори воситаларини кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш топширилди.