Сенаторлар «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунни маъқулладилар.

Ўттиз иккинчи ялпи мажлисда сенаторлар «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқдилар.

Парламент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда Электрон тижорат соҳасида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 48 баробар ошиб, 1,1 трилион сўмни ташкил этди.

Йиғилишда амалдаги қонунчиликда соҳа ривожи учун етарли шарт-шароит йўқлиги таъкидланди. Хусусан, Электрон тижоратнинг барча субектлари қамраб олинмаган, Электрон тижорат билан боғлиқ ҳужжатлар алмашинуви, тўлов механизмлари ва товарларни қайтариш масалаларини амалий қўллашда тушунмовчиликлар юзага келади.

Янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган. Қонунда Электрон шартномалар тузишнинг аниқ тартиби белгиланган. Хусусан, Электрон ҳужжатларнинг юридик кучи, таклифга қўйиладиган талаблар, электрон ҳужжатларни сақлашнинг ўзига хос хусусиятлари, электрон битимни амалга ошириш тартиби ва электрон шартномалар тузиш шартлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур ҳужжат амалда кўплаб қулайликлар яратмоқда. Қонунда нақд пул депозити (эскроу) тизими жорий этилган бўлиб, у электрон тижоратда харидорнинг шартлари тўлиқ қондирилгунга қадар маблағларни ахборот тизимида сақлаш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Электрон тижоратда юридик шахслар билан бир қаторда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Сенаторлар «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун яқин келажакда сотувчилар ва харидорлар ўртасида шаффоф ва очиқ тўғридан-тўғри шартнома муносабатларини ўрнатишга, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини яратишга хизмат қилишини таъкидладилар. Ҳужжат тасдиқланди.