Толимаржон ИЭС араб компаниялари томонидан хусусийлаштирилади

Бу ҳақда давлат раҳбари Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик энергетика лойиҳалари тақдимотида маълум қилди.

Таъкидланганидек, ўтган йили Амирликнинг «Masdar» компанияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятида мамлакатимиздаги илк йирик қуёш електр стансияси ишга туширилди. Бугунги кунда кунига 1 миллион 180 минг киловатт-соат электр энергияси етказиб бермоқда.

Умумий қиймати қарийб 3 миллиард доллар бўлган яна 5 та йирик энергетика лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Булар Толимаржон ИЭСни «Mubadala» ва «TAQA» компаниялари билан хусусийлаштириш ва қувватларини ошириш, Навоий вилоятида шамол электр станцияси ҳамда «Masdar» компанияси билан Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида фотоэлектр станцияларини қуришдир.

Ҳисоботда таъкидланишича, жорий йилда БАА билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мувофиқлаштиришнинг янги механизми ишга туширилган.

Йиғилишда мазкур тизим асосида мазкур лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Йил охиригача режалаштирилган лойиҳалар ва тадбирларнинг жорий ҳолати ҳақида масъул шахслар маълумот берди.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳалар энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиётга инвестициялар оқимини янада ошириш учун замин яратишини таъкидлади.

Президент Толимаржон ИЭСни хусусийлаштириш ҳақида гапирар экан, мазкур лойиҳа республика иссиқлик электр стансияларини бошқариш ва электр энергиясини самарали ишлаб чиқаришда намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.

Masdar билан биргаликда қайта тикланадиган энергия соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар яшил энергия улушини 2030 йилга келиб 25 фоизга етказиш йўлида муҳим қадам бўлади.