Европа Иттифоқининг Erasmus+AgroDev лойиҳаси доирасида Тошкент давлат аграр университети (ТДАУ) халқаро алоқалар бўйича проректори Абдулазиз Абдувасиков бошчилигидаги делегация Полшада бўлди.
Ташриф давомида делегация Краков қишлоқ хўжалиги университети, Полша Фанлар академияси Катализ институти, йирик PRIMAVEGA Grupa Producentow warzyw қишлоқ хўжалиги компанияси, чорва моллари учун минерал ўғитлар, биостимуляторлар ва озиқ-овқат қўшимчалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган INTERMAG корхонаси ва Чорвачилик миллий илмий-тадқиқот институтининг ODRZECHOWA тажриба станцияси каби қатор учрашувлар ўтказди.
Краков қишлоқ хўжалиги университети ректори Анжей Сеcзма ва WSB университети проректори Рафал Ребилас билан музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг WSB университетида «Қўшалоқ диплом» қўшма таълим дастури асосида таҳсил олаётган талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар профессор-ўқитувчилар алмашинуви, илмий мақолаларни биргаликда нашр этиш ҳамда университет талабалари учун қўшма ва икки томонлама таълим дастурларини ташкил этишни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.
Ташриф якунлари бўйича Полша томони билан ТДАУ талабаларининг Краков қишлоқ хўжалиги университетида амалиёт ўташини ташкил этиш, инновацион технологиялар асосида сабзавот етиштириш бўйича тажриба алмашиш, наслли қорамол зотларини кўпайтириш бўйича илмий изланишлар олиб бориш, чорва молларини яратиш, таҳлил қилиш ва ишлаб чиқариш чорвачилик ва ўсимликчилик учун янги озуқа формулалари ва ўғитларни мослаштириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.