Тошкент халқаро инвеститсия форумига мезбонлик қилади

Шавкат Мирзиёев 10-март куни 24—26-март кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвеститсия форумига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Ушбу тадбирда 56 давлатдан 1,5 минг йирик инвестор ва юқори даражали меҳмонлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари иштирок этади. Хусусан, форумда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки президентлари ва бир қатор давлатлар вазирлари, йирик корпорация ва компаниялар раҳбарлари иштирок этади, деб ёзади Президент матбуот хизмати.

Форум доирасида ялпи мажлис ва тармоқ йиғилишлари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, брифинглар каби 40 дан ортиқ тадбирлар ўтказилади.

Форумда мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган истиқболли лойиҳалар тақдим этилади. Ўзбекистон хорижий сармояни жалб қилиш имкониятлари, яратилган шарт-шароитлар ва хорижий инвесторлар учун жозибадор фаолият йўналишларини намойиш этади.

Тайёргарлик ишлари бўйича ҳисоботни тинглаган Президентимиз бундай сармоявий форум Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётганини таъкидлаб, уни юқори савияда ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Форумдан кўзланган мақсад республиканинг халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятига очиқлигини намойиш этиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг сармоявий салоҳиятини намойиш этишдан иборат. Шавкат Мирзиёев йирик лойиҳаларга илғор технологиялар ва сармояларни жалб этишда аниқ натижаларга эришиш зарурлигини таъкидлади.