Транспорт вазири ўринбосари ва Сингапур департаменти раҳбари ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Сингапур Савдо ва саноат вазирлигининг Америка, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Дениз Перейра раислигидаги Ишчи гуруҳ вакиллари билан учрашди.

Учрашувда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик, Сингапур сармояси ва технологияларидан фойдаланган ҳолда қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Дениз Перейра Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан Сингапур бизнес тузилмалари ва соҳа идоралари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Икки давлат транспорт вазирликлари ўртасида яқинда имзоланган ўзаро ҳамкорлик ва PSA Internationall компанияси билан транспорт соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистон ҳудудида транспорт-логистика марказларини ташкил этиш бўйича бир қанча шартномаларни мисол тариқасида келтирди.

Учрашувда олий даражадаги давлат ташрифи чоғида икки томон ўртасида еришилган келишувларни амалга ошириш жараёни ҳам муҳокама қилинди.

Сингапур томони жорий йилнинг май ойида PSA International вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюришини, Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва бошқа бизнес ҳамкорлар билан Ўзбекистонда контейнер терминали ташкил етиш бўйича музокаралар олиб боришини маълум қилди.