Владимир Норов USAID раҳбари билан учрашди

Ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбари Саманта Пауер ва USAID маъмурияти ўринбосари Изабел Колман билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

“Суҳбат чоғида USAID раҳбари 2022-2026-йилларда янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Хусусан, USAID директорлар кенгаши аъзоси бўлган АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) билан ўз саъй-ҳаракатларини яқиндан мувофиқлаштириш ниятида экани маълум қилинди.

USAID раҳбари Ўзбекистон ҳукуматининг давлат бошқаруви очиқлигини таъминлаш, сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. Бу ижтимоий-сиёсий ва сотсиал-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамият манфаатларини кенг ҳисобга олишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, УСАИД раҳбари ўринбосари Изабел Колман агентлик биринчи навбатда Ўзбекистоннинг устувор йуналишларини ҳисобга олган ҳолда молиявий ва техник кўмак лойиҳаларини амалга оширишда давом этишига ишонтирди.

USAID раҳбарияти энергетика соҳасини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, сув хўжалигини ривожлантириш, таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг малакасини оширишга кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг бандлик имкониятларини кенгайтириш ва мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш мақсадида касб-ҳунар таълими тизимига USAID кўмагини жалб этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.