Ўзбекистон 2026 йилгача газ экспортини тўхтатмоқчи

Ўзбекистон Республикаси газ экспортидан бутунлай воз кечиши мумкин – бу иқтисодиёт учун фойдасиз.

Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Беҳзод Нарматов маълум қилди.

“Эҳтимол, яқин келажакда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган барча газ Ўзбекистонда қолар, чунки кимё корхоналари кенгаймоқда, ички иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш зарур. Ҳа, экспорт бор эди, лекин бизда ҳамон иқтисодий динамика йуқ. Биз иш ўринлари яратишимиз керак, лекин экспортни соф кўринишида – хўп, бу иқтисодиёт учун қанчалик фойдали, уни қачон қайта ишлаш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш мумкин?”, – деди Нарматов ва 2025-2026 йилларга бориб экспорт тўхташи мумкинлигини айтди.

Айни пайтда Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга экспорт қилинмоқда.

Нарматовнинг сўзларига кўра, фоиз Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ойдан ойга ўзгариб туради – улар устувор. Қоидага кўра, экспорт қилинадиган газ ҳажми қишда камаяди, ёзда эса кўпаяди.

“Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи компаниялар бор, улар олдида биз маълум мажбуриятларга эгамиз. Я’ни, лойиҳалар иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида – Хитой компаниялари, Россия компаниялари – уларнинг газини экспорт қилишни таъминлаймиз (экспорт учун газ Ўзбекистон ички бозоридаги нархлардан бир неча баравар юқори нархларда сотилади – таҳр.). Яъни, буларнинг барчасини ички бозорга жўнатишимиз мумкин эди, лекин биз ўзимиздаги келишувларга амал қиламиз”, — деди “Ўзтрансгаз” раҳбари.