Ўзбекистон 400 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ишга туширишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пахтачиликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда пахта майдонларини насослар ёрдамида суғориш учун сарфланган електр энергияси нархининг 50 фоизини қоплаш амалиёти жорий этилади.

Ўтган йили ички бозорда минерал ўғитлар нархи 50 фоизга ошгани тақчилликка сабаб бўлган эди. Шу муносабат билан минерал ўғитларга бўлган божхона имтиёзларини яна уч йилга узайтириш таклиф этилди.

Кластерлар ва фермерлар ўртасида шартномалар тузиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш, пахта ва ғалла етиштиришни мувофиқлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. ҚҚСни ўз вақтида тўламаганлик учун фермер хўжаликларига ҳисобланган пенялар, истисно тариқасида, ҳисобдан чиқарилиши белгиланди.

Мамлакатимиз илмий институтлари томонидан пахта етиштиришда хорижда қўлланилаётган серҳосил ва талабчан ғўза навларини маҳаллийлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда жорий йилда қишлоқ хўжалиги олдида турган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

33 та туманда умумий қиймати 400 миллион долларлик 600 та лойиҳани ишга тушириш, қўшимча 185 минг тонна сақлаш ва қайта ишлаш омборлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш режалаштирилган.

Мавжуд маълумотларга кўра, ипакчилик тармоғида 3 триллион сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 110 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинаётган бўлса-да, соҳанинг салоҳияти тўлиқ ишга туширилмаган.

Шу муносабат билан Ипчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига жорий йилда 26 минг тонна пилла, 1,3 миллион дона қоракўл териси, 40 минг тонна жун харид қилишни таъминлаш топширилди.

300 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни, 200 минг гектар майдонда лазерли текислашни жорий этиш режалаштирилган. Режаларда 100 минг гектар экин майдонларини тақсимлаш ва бу орқали 2 миллиондан ортиқ кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларини тўлдириш, бозорларда нарх барқарорлигини таъминлаш борасидаги мазкур чора-тадбирлар муҳимлиги таъкидланди.