Ўзбекистон бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича имтиёзлар муддатини узайтирди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти бўйича божхона имтиёзларининг амал қилиш муддатини 2023-йил 1-июльгача узайтириш тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулотлар билан таъминлаш ва ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган фармонга мувофиқ, қуйидаги имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2023-йил 1-январдан 1-июльга қадар узайтирилди:

  • импорт қилинадиган 23 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларига (гўшт маҳсулотлари, балиқ, сут маҳсулотлари, тухум, мевалар, цитрус мевалар, ўсимлик ёғи, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари) импорт божхона божининг «ноль» ставкаларини қўллаш;
  • савдо-иқтисодий муносабатларда энг қулай давлат режимини таъминламайдиган мамлакатлардан олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларига божхона божининг икки баробар ставкасини қўлламаслик.

Ушбу имтиёзлар Президент қарори билан 2022-йил 1-июндан 2023-йил 1-январгача белгиланди. Ана шу имтиёзлар туфайли ташқи савдо алоқалари географияси ҳам кенгайди. Хусусан, Эквадор, Эрон ва Норвегиядан озиқ-овқат импорти ҳажми ошди. Биринчи марта импорт Аргентина ва Сербиядан амалга оширилди.