2023-йилда йирик солиқ тўловчилар, жумладан, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари Ўзбекистон бюджетининг асосий даромад манбалари бўлади, дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет» ҳисоботида.
Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон бюджети даромадлари йирик корхоналардаги иқтисодий вазиятга боғлиқ бўлади.
Икки кон-металлургия заводидан ташқари, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз», «Худудгазтаъминот», «Ўзбат», «Ўзавтосаноат», Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва «Uz-Kor gaz chemical» МЧЖ ҚК, шунингдек, «Ўзметкомбинат» ҳам энг муҳим солиқ тўловчилар қаторидан жой олди.
Бюджет даромадлари прогнозида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши, жаҳон бозорларидаги нархларнинг ўзгариши, валюта курсининг прогноз қилинаётган динамикаси, товар ва хизматлар экспорти ва импорти прогнози, шунингдек, 2023-йилда жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш тенденциялари каби бир қанча омиллар ҳисобга олинган.
Ана шу омиллардан келиб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан келгуси йилда бажарилиши кутилаётган бюджет даромадлари прогнози ишлаб чиқилди.