Ўзбекистон чарм маҳсулотларини Европа бозорига чиқаришни режалаштирмоқда

«Ўзчармсаноат» уюшмасидан маълум қилишларича, «Ўзчармсаноат» уюшмаси ва Халқаро чарм ишчилар кенгаши ҳамда Leather UK ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Қайд этилишича, ассоциация раҳбарияти ва мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси Халқаро чарм ишлаб чиқарувчилар кенгаши (ICT) ва Leather UK ассоциацияси ижрочи директори билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон чарм ишлаб чиқарувчиларининг Буюк Британия ва Европа Иттифоқи бозорларига чиқишини жадаллаштириш, корхоналарга янги технологияларни жорий этиш ва экспортни ривожлантириш масалалари мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.

Маълум қилинишича, «Ўзчармсаноат» уюшмаси 2018 йилдан буён ICTнинг тўлиқ аъзоси ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида ҳамкорликда маҳаллий корхоналарнинг Европа бозорларига чиқишини жадаллаштириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилди. Халқаро ташкилот Ўзбекистон корхоналарини бошқариш тизимини ишлаб чиқишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатди.

Учрашувда халқаро ташкилот Ўзбекистон корхоналарининг жаҳон бозорида янада барқарорлигини таъминлаш учун ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёр экани таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон корхоналарида халқаро сифат стандартларини жорий этиш бўйича ишларни биргаликда амалга ошириш бўйича таклиф ҳам илгари сурилди.

Ушбу меморандум маҳаллий маҳсулотларимизни Буюк Британия ва Европа Иттифоқи бозорларига етказиб бериш бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва амалий маслаҳатлар беришга мўлжалланган.

Шунингдек, «Ўзчармсаноат» уюшмаси ва мамлакатимиз елчихонаси томонидан Буюк Британиядаги Халқаро сертификатлаштириш ташкилоти (SLF) ижрочи директори билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон корхоналарининг ушбу ташкилотга кириши ва уларнинг ишлаб чиқаришига сифат менежментини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

SLF терини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш соҳасида экологик, меҳнат, ижтимоий ва иқтисодий тамойилларнинг амалга оширилишини баҳоловчи йирик халқаро сертификатлаш ташкилоти ҳисобланади. Ушбу ташкилотдан сертификат олиш корхоналарнинг Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг барча стандартларига тўлиқ мос келишини англатади. Бугунги кунга қадар 200 дан ортиқ корхона ташкилотга аъзо.

Мазкур сертификат олишни режалаштираётган «Top Quality Brand», «Angren Charm Invest», «Peng Sheng Charm», «Hamkor Nur-Savdo» компанияларининг техник параметрлари, бошқарув тизими ва маҳсулот сифати юзасидан фикр алмашилди. Халқаро ташкилот тегишли халқаро сертификатлар тақдим этилган ҳолда аудит ва техник назорат якунланганидан сўнг Ўзбекистон компанияларини аъзоликка қабул қилади.