Ўзбекистон иқтисодиёти Украинадаги уруш оқибатлари ва Россияга қарши санкцияларга боғлиқ – ХВФ

Ўзбекистон иқтисодиёти Россия иқтисодиёти билан чамбарчас боғлиқ. 2022 йилда мамлакатнинг ривожланиш истиқболлари Украинадаги уруш оқибатлари ва Россия Федерациясига қарши санкцияларга боғлиқ бўлади.

Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоботида айтилади.

2020-йилдаги пандемия савдо, туризм ва транспортнинг кескин пасайишига олиб келди. Бироқ, реал ўсиш 1,9 фоизда ижобий бўлиб қолди. Йил охирида инфляция 11 фоизга тушди.

2021-йилда иқтисодий ўсиш 7,4 фоизни ташкил этди. Глобал нархлар босимига қарамай, қаттиқ пул-кредит сиёсати инфляцияни 2021 йил охирига келиб 10 фоизга туширишга ёрдам берди.

Савдо ва пул ўтказмаларининг қайта тикланиши билан жорий ҳисоб тақчиллиги бироз ошиб, ЯИМнинг 7 фоизини ташкил этди. Ижтимоий ёрдам, инвестициялар ва кредитлар кўринишидаги давлат иқтисодий қўллаб-қувватлаши натижасида бюджет умумий тақчиллиги 2 фоиз пунктга ошиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6,2 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг Россия билан яқин иқтисодий алоқалари ҳисобга олинса, 2022-йил учун истиқболлар Украинадаги уруш оқибатлари ва Россияга қарши санкцияларга боғлиқ бўлади. Россияда пул ўтказмалари, савдо ва молиялаштиришнинг секинлашиши, 2022-йилда ўсишни 3-4 фоизга қисқартириши ва жорий ҳисоб тақчиллигини 8,5 фоизгача кенгайтириши кутилмоқда.

Инфляция даражаси 10 фоиздан юқори бўлиши кутилмоқда, чунки глобал озиқ-овқат ва хом ашё нархлари юқорилигича қолмоқда, аммо ноаниқлик юқори.

ХВЖ давлат корхоналари билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган фискал рискларни бартараф этган ҳолда, даромадларни ошириш ва рентабелликни оширишни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Молиявий барқарорликни таъминлаш учун Марказий банкнинг назорат ва макропруденциал тизимини ҳам кучайтириш, банклар фаолиятини яқиндан кузатиб бориш тавсия этилади.