Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Кеча, 24-август куни икки томонлама келишувларнинг амалий ижро этилишини мувофиқлаштириш ва рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитаси аъзолари биринчи марта учрашув столида ўтиришди. Тадбир видеоконферентсия шаклида ўтказилган бўлса-да, унинг иштирокчилари ўртасида ўзаро тушунишга эришилди.

Эслатиб ўтамиз! Қўмитанинг ҳамраислари: Ўзбекистон томонидан – ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф. Арзиев, Ҳиндистон томонидан – ташқи ишлар давлат вазири В. Муралидаран.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, Молия вазирлиги, Савдо ва саноат вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қишлоқ ва қишлоқ хўжалиги фаровонлиги вазирлиги ва Ҳиндистон Республикаси Гужарат штат маъмурияти вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқовнинг кириш сўзи билан очилиб, унда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни самарали илгари суришда Қўмитанинг роли таъкидланди ва томонларнинг келгусидаги ҳамкорлиги устувор ёъналишлари белгилаб олинди.

Учрашув давомида савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт-логистика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари томонидан коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал инқирознинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги, фарматсевтика, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Умуман олганда, икки томонлама ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 2,3 миллиард долларга тенг 98 инвестиция ва савдо битими имзоланди.

Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим ва Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш ва имзолашни жадаллаштириш бўйича кейинги чоралар кўриб чиқилди.

Тадбир натижасида икки томонлама келишувларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича қўшимча амалий чора-тадбирларни қабул қилиш, шунингдек Қўмитанинг навбатдаги мажлисини жорий йилнинг 4-чорагида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.