Ўзбекистон Ислом банкидан 509 миллион кредит олади

Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкидан 509 миллион доллар олади.

19-декабр куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Директорлар Кенгаши Ўзбекистонда иккита йирик ва иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳаларни умумий қиймати 509,2 миллион долларга молиялаштиришни маъқуллади.

200 миллион долларлик биринчи лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида бир қатор инфратузилма ва ижтимоий объектларни модернизация қилишни назарда тутади. Лойиҳада 1161 км сув таъминоти тизимлари, 626 км кириш ва ички массив йуллар, 1154 км паст кучланишли электр узатиш линиялари, 693 км суғориш ва дренаж тармоқлари, 155 та таълим, тиббиёт ва 100 дан ортиқ бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Лойиҳани амалга ошириш 710 мингдан ортиқ одамнинг яшаш шароитларини яхшилайди, шунингдек ушбу минтақаларнинг барқарор ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Банк томонидан 80 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилаётган иккинчи лойиҳада маҳаллий клиникаларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш орқали саратон касаллигига чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш дастурининг иккинчи босқичини амалга ошириш кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш онкологик касалликлар диагностикасини дастлабки босқичларида белгилашга ва умуман беморларни даволаш сифатини оширишга имкон беради: 1,8 миллиондан зиёд аёллар диагностик текширувдан ўтишлари мумкин, саратон касаллиги билан касалланган 150 минг киши сифатли тиббий ёрдамга эга бўлади. Аввалроқ ушбу дастурнинг биринчи босқичи давомида ИТБ 37 миллион доллар миқдорида маблағ ажратган эди.

ИТБ республикада олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг ишончли шеригидир. Ҳамкорлик йилларида, 1994 йилдан бери, жами, ИТБ 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди, бу орқали ўнлаб йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.