Ўзбекистон Испаниядан 4 та Афросиёб сотиб олади

Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Испания Саноат, савдо ва туризм вазирлигида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ делегациясининг учрашуви ташкил этилди.

Бу ҳақда «Дунё» хабар бермоқда.

Ўзбекистонлик темирйўлчилар Испания компанияларини халқаролаштириш бўйича FIEM жамғармасидан мамлакатимизга имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича келишиб олиш мақсадида Испанияга келди. Ушбу кредит маблағлари 4 та янги “Talgo-250” тезюрар электр поезди сотиб олишга сарфланиши керак.

Вазирликда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон томонидан «Ўзбекистон темир йўллари» аксиядорлик жамиятининг тезюрар йўловчи поездларини ташкил этиш ва эксплуатация қилиш бошқармаси бошлиғи Шерзод Тўлаганов ҳамда Халқаро ҳамкорлик ва ташқи иқтисодий алоқалар бошқармаси мутахассиси Аъзамхон Мелибоевлар иштирок этди. Ўз навбатида, Испания томонидан Саноат, савдо ва туризм вазирлигининг Осиё, Европа Иттифоқидан ташқаридаги Европа мамлакатлари ва Океания бўйича департаменти директори ўринбосари Вероника Сампер ва ушбу бошқарманинг бошқа ходимлари иштирок этди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ўз фаолияти ва мамлакатимизда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Хусусан, у ҳозирда “Patentes Talgo SLU” компаниясининг 6 та тезюрар электр поезди харид қилингани, уларнинг охиргиси ўтган йили мамлакатимизга келгани ҳақида гапирди. Уларни сотиб олишда Испания компанияларини халқаролаштириш жамғармаси маблағлари ҳам жалб қилинган. Испания томонига Бухоро-Урганч-Хива темир йўл линиясини электрлаштириш бўйича ишларнинг бориши, аслида бунинг учун янги 4 та тезюрар электропоезд харид қилиниши кўзда тутилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Испания томони янги поездлар сотиб олиш учун имтиёзли кредит бериш масаласи бўйича ижобий қарор қабул қилиниши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берди.

Учрашув натижасида ушбу масалани муҳокама қилишни экспертлар даражасида давом эттиришга қарор қилинди.