Ўзбекистон лимон экспортини камайтирди

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2022-йил ноябр ойида ички истеъмол бозорида лимон нархи 18,8 фоизга пасайган. Ўтган йил охирига нисбатан эса лимон 15 фоизга арзонлашган.

Давлат статистика қўмитаси аввалроқ маълум қилганидек, 2022-йилнинг январ-октябр ойларида Ўзбекистон 8 та хорижий давлатга 3,6 миллион долларлик 3,3 минг тонна лимон экспорт қилди.

Лимон экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 362 тоннага камайди.

Ўзбекистондан цитрус экинларининг асосий хорижий истеъмолчилари Россия бўлиб, ўн ойда 2,2 минг тонна, Қозоғистон – 759 тонна ва Қирғизистон – 392 тонна экспорт қилинган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мультимедиа маркази маълум қилишларича, бугунги кунда мамлакатимизда лимонзорларнинг умумий майдони 2 минг 321 гектардан ошади.

Йиллик лимон етиштириш 63 минг тоннага, экспорт салоҳияти эса 11 минг тоннага етди. Лимонзорларда ўртача ҳосилдорлик гектарига 55-60 сентнерни ташкил эади.