Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қарори билан «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласи бўйича ишларни ташкил этиш бўйича йўриқнома»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзгартиришлар доирасида Марказий банк «Электрон касса платформаси» дастурий мажмуасини ишга туширмоқда.
Ушбу платформа Ўзбекистон Республикаси банкларига маблағларни янада мослашувчанлик билан бошқариш имконини беради.
Платформани жорий этиш банкнинг Тошкент шаҳридаги филиалларида бошланиб, сўнгра республиканинг барча ҳудудларида кенгайтирилади.
Платформанинг мақсади тижорат банклари учун нақд пул маблағларини бошқаришда кенгроқ эркинликни таъминлашдан иборат.
Тижорат банкининг ҳар бир бўлинмаси ўзининг ортиқча нақд пул маблағларини таклиф қилиш имкониятига эга бўлади ва нақд пулга талаб мавжуд бўлган бошқа бўлинмалар бу нақд пулни жалб қилишга рози бўлиши мумкин.
Шунингдек, платформа орқали нақд пулга бўлган талаби қондирилмаган банк бўлинмалари Марказий банк томонидан нақд пул билан таъминланади.
Бу Ўзбекистон Республикаси банкларига нақд пул маблағларини бошқариш жараёнини соддалаштириш ва тезлаштириш имконини беради.