Ўзбекистон: МДҲ билан ташқи савдо даражаси пасаймоқда

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси хабар берди. 2020 йилги дастлабки якуний маълумотларга кўра, мамлакат МДҲ билан ташқи савдони қисқартиришда давом этмоқда деган хулосага келиш мумкин.

Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирларга қарамай, МДҲ давлатларининг ташқи савдо айланмасининг улуши 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2% га камайди. 2018 йилнинг шу даврида пасайиш 3,7% га қайд этилган. 2020 йил январ-декабр ойларида МДҲ давлатларининг ташқи савдо айланмасидаги улуши 32,6% ни ташкил этди.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси 11,830 миллион долларни ташкил этди. Улардан экспорт ҳажми 4098,3 миллион долларни, импорт 7731,7 миллион долларни ташкил этди.

Ташқи савдо айланмасининг сезиларли ҳажми Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари — Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Белорусия Республикаси ва Арманистон билан қайд этилган бўлиб, уларда Ўзбекистон 2020 йил декабрида кузатувчи мақомини олди. Ўзбекистоннинг ЕИИ билан ташқи савдо айланмаси 9829,5 миллион долларни ташкил этди, шундан экспорт ҳажми 3175,5 миллион долларни, импорт 6654 миллион долларни ташкил этди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан ташқи савдо айланмасининг 47,7% Россия Федерациясига тўғри келади, Қозоғистон — 25, 5%, Қирғизистон — 7,6% тоғри келади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2020 йил январ-декабр ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси 36 299,3 миллион долларни ташкил этди ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 5451,7 миллион долларга камайди (камайиш 13,1%).

Ташқи савдонинг умумий ҳажмидан экспорт 15 127,7 миллион долларни ташкил этди (2019 йил январ-декабрга нисбатан 13,4% га пасайиш қайд этилди), импорт эса 21 171,5 миллион долларни (пасайиш 12,8%) ташкил этди. Натижада ташқи савдо баланси 6043,8 миллион долларни ташкил этди.

Хабарда таъкидланганидек, республика ташқи савдо айланмаси таркибида муҳим улуш Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, у 34,2% ни ёки 12 424,1 миллион долларни ташкил этади.