Ўзбекистон Озарбайжон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

400;">Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси ташаббуси билан «Made in Uzbekistan. Textile» деб номланган онлайн-форумнинг иккинчи куни якунланди. Унинг очилиши кеча, 2020 йил 25 августда бўлиб ўтди.

Тадбирнинг яна бир ташаббускор томони Озарбайжоннинг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш агентлиги бўлди.

Форумнинг асосий мақсади – Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармонларнинг доиралари ўртасида тўқимачилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва кооперацион алоқаларни ўрнатиш учун янги имкониятларни яратиш.

Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳом Неъматов кириш сўзи билан Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг юқори даражаси ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини қайд этди. У онлайн-бизнес-форум икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки беришига ишонч билдирди.

Озарбайжоннинг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш агентлиги бошқаруви раисининг ўринбосари Тамерлан Вагапов ўз нутқида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, ушбу бизнес-форум тўқимачилик саноатининг ишлаб чиқарувчилари ва харидорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришда муҳим рол ўйнашини ва ўзаро савдо ҳажмини оширишга ҳисса қўшишини таъкидлади.

26-27 август кунлари бизнес-форум ўз ишини Ўзбекистон ва Озарбайжон тўқимачилик саноати вакиллари ўртасидаги B2B интенсив учрашувлари шаклида давом эттиради.